Shopping Cart

Фанлар академиясининг 80 йиллигига

Нуриддин Очиловнинг “Биринчи бўлиш машаққати ва бахти” номли мақола. Янги Ўзбекистон газетаси 205(994) сонидан.

Бундай бахт мингдан биттага, балки миллиондан биттага насиб этар. Чунки биринчи бўлиш осон эмас. Айниқса, илм-фанда биринчи бўлиш метин иродаю кунни тунга улаб тинимсиз ўқиб-ўрганишни, манбаларни таҳлил қилиб, асосли хулоса чиқаришни, ҳаққонийлик ва адолат меъёрларига амал қилишни талаб этади. Бундай бахтга оғирнинг остидан юришни одат қилган, ҳалол меҳнат мевасига кўниккан, қалби буюрган ишни қилишга ўрганган, ўз ишининг жонкуяр ва фидойиси бўлган, йўлига тўғоноқ бўладиган бўрону тўфонлардан чўчимайдиган мард ва қатъиятли, қаноатли кишигина муяссар бўлиши мумкин.

Муминов, Ибрагим Муминович — Википедия

Шуни ўзгача бир ғурур билан баралла айтиш мумкинки, қандай замон, қандай тузум ва қандай шароит бўлишидан қатъи назар, улуғ алломаларимиз бошлаган буюк яратувчанлик ҳеч қачон тўхтаган эмас. Улар ҳамиша халқимизнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшиб, янги-янги кашфиётларга, бунёдкорлик ишларига илҳомлантириб, янги-янги “биринчи”ларни кашф этиб келган. Бу саъй-ҳаракат ҳатто Соҳибқирон Амир Темурни босқинчи, қонхўр деб қораланган, у ҳақда гапириш жиноят ҳисобланган шўролар даврида ҳам тўхтамаган. Буюк тарихимиз ва миллий қадриятларимизни ҳар томонлама чуқур ўрганиш орқали ҳақиқатни ошкор қилишга ва бундан янги авлодни воқиф этишга бўлган азму қарор асло сўнгани йўқ. Акс ҳолда, кимсан, Иброҳим Мўминов бошида тегирмон тоши айланишини била туриб, қизил салтанатнинг энг қалтис бир пайтида Амир Темур ҳақираги ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун астойдил бел боғлармиди? Советларнинг даҳшатли бир замонида-я?! Ўша даврда жуда хавфли ва хатарли бўлган бундай хайрли ишга қўл уриш учун биргина истак ва журъатнинг ўзи кифоя эмаслигини, бу ҳаёт-мамот, яъни кундага бош қўйиш билан баробар эканини, керак бўлса, адолат учун шунга тайёр туриш лозимлигини-чи, биларми-ди? Оиласи, бола-чақаси тақдири-чи? Бу ҳақда дўппини олиб қўйиб, обдан ўйлаб кўрганмикан? Ўйлаган! Ўйлаганда ҳам тарозининг бир палласига Соҳибқирон ҳақидаги тарихий далилларга асослаган ҳақиқатни, иккинчисига эса қизил салтанат сиёсатини қўйиб, кўп ва хўб ўйлаган. Лекин бу узоққа чўзилмаган. Вақт кутиб турмаслигини билган олим бировга лом-мим демай, академия кутубхонасига қатнаб, керакли, аммо тақиқланган китобларни мутолаа қилишга киришади.

Иброҳим Мўминов Шофиркон туманининг Тезгузар қишлоғида 1908 йилнинг 7 ноябрида деҳқон оиласида таваллуд топган. Аввал қишлоқ мактабида, сўнг Бухородаги Маориф институтида, кейин Самарқанд педагогика академиясида таҳсил олган. Талабалик бурчини бажариш баробарида ўқитувчилик ҳам қилган. Унинг ҳақиқий педагог ва раҳбарлик фаолияти Самарқанд Давлат университети ташкил топган 1933 йилдан бошланган. У бу билим даргоҳида декан ва ўқитувчи лавозимларида фаолият кўрсатди. Айни шу йиллари ёшлигидан меҳр қўйган ижтимоий фанлар, айниқса, тарих ва фалсафани қунт билан ўрганишга, ўқиган ҳар бир асарининг моҳиятини теран англашга ҳаракат қилиб, шу жараёнда ўзи ҳам бир қатор илмий мақолалар ёзди.

Ўзимиздаги фалсафий тафаккурни тадқиқ этиш учун Қадимги юнон, Оврўпо ва айниқса, Гегель фалсафасини чуқур ўрганиш зарур деган қарорга келиб, вақтни бой бермай, мутолаага шўнғийди. Немис фалсафасининг буюк намояндаси Гегель асарларини синчковлик билан ўрганади. Бу жуда қийин ва мураккаб бўлса-да, Иброҳим Мўминов уни уддалади ва Гегель фалсафасининг туб-тубигача етишга ҳаракат қилди. Сўнг Гегелнинг диалектика ва метафизика ҳақидаги ғояларини таҳлил этди. Бу борадаги етти-саккиз йиллик машаққатли меҳнат 1941 йилда номзодлик диссертациясининг муваффақиятли ҳимояси билан якун топади.

Ёш олим Иброҳим Мўминовнинг мазкур илмий тадқиқоти собиқ иттифоқнинг ўша пайтдаги номдор файласуфлари томонидан юксак баҳоланиб, Гегель фалсафасининг ҳозирга қадар муаммо бўлиб келаётган кўпгина қирраларини илмий жиҳатдан ҳаққоний таҳлил қилиб берилган тадқиқот, дея эътироф этила-ди. Иброҳим Мўминов фалсафа фанини ўқитиш сифатини юқори даражага кўтариш учун ўқув қўлланмалари, дастурлари ва маъруза матнларини яратишга киришиб, тузилган ишчи гуруҳига раҳбарлик қилади. Шу билан бирга, давом эттириши шарт бўлган илмий иши мавзусини шарқ фалсафаси даҳоларидан бирига қаратди.

Ҳиндистонда туғилиб, ўша ерда яшаб, ижод қилган, асли ўзбекнинг барлос уруғидан бўлган Мирзо Абдулқодир Бедил фалсафий тафаккурини ўрганишга киришди. Бедил асарлари нафақат Ҳиндистонда, балки Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларида ҳам кенг тарқалган ва унга катта шуҳрат келтирган бўлса-да, мутафаккир шоир ҳақидаги маълумотлар жуда тақчил бўлиб, борлари ҳам араб алифбосида форс тилида ёзилган. Иброҳим Мўминов эса ёшлигида араб тилини пухта ўрганган, бу тилдаги асарларни бемалол ўқир ва маъно-мазмунини тушунишда қийналмас эди. У Бедил фалсафий тафаккури ҳақида маълумот берувчи манбалар деярли йўқлигини инобатга олиб, шоирнинг асарларини бирма-бир диққат билан ўрганади. Бунгача Бедил фалсафаси тадқиқ этилмаган, бу борада ҳам биринчи қадамни Иброҳим Мўминов қўйган эди. Унинг таъкидлашича, Бедилнинг инсон ҳақидаги фалсафаси фақат ижобий таърифлардан иборат эмас. У инсоннинг фазилатлари бир олам бўлса, иллатлари иккинчи бир оламдир, деб тушунади. Бедил инсондаги яхшиликларни таъкидлаб, ёмонликларини бартараф этиш йўлларини излайди.

Файласуф нуқтаи назарининг муҳимлиги шундаки, у кишиларга ирқий, миллий, диний эътиқодидан қатъий назар, ҳар бир инсон ҳурмат ва эҳтиромга сазоворлигини нақл қилади. Одамзод ва башариятга ўз муҳаббати, меҳрибонлигини ифодалаб, инсонни Ҳазрат деб атайди. Айни вақтда ҳар бир инсон ўз ватанининг содиқ фарзанди, ўз элининг ғамхўри бўлмоғи лозим, дейди. Инсонга ана шундай муносабатда бўлмаганларни қаттиқ қоралайди. “Кимки Ҳазрати Инсоннинг ҳурмат-эҳтиромга сазоворлигини тан олмаса, у малъундир”, дейди. Шарқ фалсафаси тарихида илк бор янги қўриқ очишга муваффақ бўлган олимнинг илмий жамоатчилик томонидан юксак баҳоланган бу илмий кашфиёти икки марта ўзбек тилида ва икки марта рус тилида китоб ҳолида нашр этилди.

Иброҳим Мўминов бошқа мавзу ва йўналишлар бўйича ҳам илмий тадқиқотлар олиб борди. Чунончи унинг 1976-1977 йилларда “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган тўрт жилддан иборат саксон босма табоқлик танланган асарларининг тўртинчи жилдида келтирилган илмий тадқиқотлар библиографияси билан танишган киши бунга тўла ишонч ҳосил қилиши мумкин. Мазкур библиографияни тузувчиларнинг фикрига кўра, унга олимнинг 1933-1976 йиллар оралиғидаги илмий тадқиқотларининг энг муҳимлари киритилган. Уларнинг умумий сони 165 та бўлиб, 20 тасини монография ва китоблар, 42 тасини тўпламлар, 19 тасини рисолалар, қолганларини газета ва журналларда чоп этилган мақолалар ташкил этади. Библиография рўйхатидаги “XIX асрнинг охири, XX асрнинг бошларида Ўзбекистонда ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихидан” деб номланган йирик тадқиқот докторлик диссертацияси бўлиб, уни муаллиф 1950 йилда муваффақиятли ҳимоя қилди ва фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олишга эришди.

1943 йил Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташкил этилиб унинг таъсис йиғилишида Иброҳим Мўминов академиянинг мухбир аъзоси этиб сайланади, Садриддин Айний, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Иззат Султон, Комил Яшин, Воҳид Абдулла каби атоқли олим ва ёзувчилар билан ёнма-ён туриб, академиянинг оёққа туришида ва кенг қулоч ёзишида муносиб ҳисса қўшди. 1955 йилнинг кузида Иброҳим Мўминов Фанлар академиясининг Тарих институтига раҳбарлик қилишга таклиф этилади. 1956 йил у Фанлар академиясининг академиги ва вице-президенти этиб сайланади. Ана шу даврдан бошлаб, алломанинг нафақат илм-фандаги, балки давлат ва жамоат ишларидаги ташкилотчилик ҳамда раҳбарлик салоҳияти ошиб борди. Академикнинг фалсафа фани бўйича Фан докторларини кўпайтиришдек азму карори рўёбга чиқиб, Иброҳим Мўминов мактаби юзага келди. Аллома йигирмадан зиёд фан доктори ва юздан ортик Фан номзодини тайёрлаш, шунингдек, зиммасидаги қатор раҳбарлик вазифаларини бекаму кўст бажариш баробарида ўзи ўйлаб юрган тадкиқотлар устида ҳам тиним билмай ишлади. У киши иш кабинетида ўтирганида ҳам, албатта, бирон-бир қўлёзмани таҳрир қилаётган, янги туғилган фикрларни қоғозга тушираётган ёки китоб мутолаа қилиб ўтирган бўлар эди.

Ўзбекистон Олий Кенгаши депутати, Ўзбекистон Олий Кенгаши Ташқи ишлар бўйича доимий комиссиясининг раиси, “Фан ва турмуш”, “Ўзбекистонда ижтимоий фанлар” ойлик журналлари бош муҳаррири, Ўзбекистон “Билим” жамияти ва Ўзбекистон файласуфлари жамияти раиси, Ўзбек Қомуси бош таҳририятининг ташкилотчиси ва биринчи бош муҳаррири сингари кўплаб ўта масъулиятли раҳбарлик вазифалари академик Иброҳим Мўминовдан ана шундай ғайрат-шижоат билан ишлашни талаб этиши табиий эди. Биринчидан, бу алломага билдирилган юксак ишонч бўлса, иккинчидан, у кишининг билим ва тажрибасидан, илмий салоҳиятидан тўғри ва самарали фойдаланиш, учинчидан, етук кадрларни тарбиялаш кўзда тутилгани аниқ. Аллома қаламига мансуб “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” номли рисола ҳақидаги фикримизни олимнинг садоқатли шогирди, фалсафа фанлари доктори, профессор Наим Ғойибовнинг ҳикояси билан давом эттиришни лозим кўрдик.

— 1966 йилнинг баҳори. Номзодлик диссертациясини ҳимоя қилгач, Фалсафа ва ҳукуқ институтида катта илмий ходим вазифасида ишлаётган эдим. Кунларнинг бирида устоз мени ҳузурига чорлаётганини айтишди, — деб ёзади Наим Ғойибов. Академия Президиумига тезда етиб бордим. Домла Амир Темур ҳақида рисола тайёрлаётганини гапириб, бунинг учун баъзи манбалардан материаллар йиғиш, иқтибослар олишга ёрдам беришимни сўради. Ва сўзида давом этиб, Академиянинг асосий кутубхонасидаги махсус фондда сақланаётган олтита китобни номма-ном санади. Мен вазифани тушунган бўлиб, ўрнимдан қўзғалган ҳам эдим, устоз “Йўқ, тўхтанг, сизга дабдурустдан бу китобларни беришмайди, бунинг учун хат ёзиб берамиз”, деди. Хиёл ўтмай, котиба хатни олиб кирди. Унда менинг катта илмий ходим эканим ва Амир Темур ҳақидаги китоблар билан танишиш учун менга рухсат берилгани айтилиб, танишилажак китоблар рўйхати ёзилганди. Улар орасида Клавихонинг 1881 йилда Санкт-Петербургда рус тилида чоп этилган “Дневник путешествии ко двору Темура в Самарканде в 1403-1406 г.” китоби, француз олими Ланглэнинг 1890 йилда Тошкентда рус тилида чоп этилган “Жизнь Темура” номли асари, шунингдек, рус шарқшунослари асарлари бор эди. Домла хатни менга узатиб, бу китобларда бобомиз Амир Темур ҳақида ҳақ гаплар кўп, ўларни синчковлик билан ўрганиш зарур, деди. Сўнгра аллақаерда Темур ҳақида Маркснинг бир фикрини ўқиганини ва иложи бўлса, унинг ўша сўзларини излаб топишни тайинлади. Мактубни олиб, Академиянинг ўша вақтдаги Қизил майдон билан туташ биносида жойлашган асосий кутубхонасига бордим. Кутубхона директори хатни ўқиб чиқиб, бир оз сукут сақлади, менга таажжуб аралаш қараб қўйди. Сўнг бир ходимини чақирди-да, мактубни унга бериб, менинг ишимни белгиланган тартиб асосида ташкил этишни уқтирди. Ходима билан бир хонага кирдик. У “Ҳозир”, дея чиқиб кетди. Бир оздан сўнг қалин папка қўлтиқлаб кирди-ю, папка ичидан мўъжаз бир китоб чиқариб, менга тутқазди. Ходима хонадан чиқиб кетаётиб, “Кечирасиз, энди мен сизни қолдириб, хонани қулфлаб кетишим керак, тартиб шунақа, бирон саволингиз бўлса, мана телефоним, чақирасиз”, деди. Ходима хонадан чиқди. Эшик ширқ этиб қулфланди. Мен эса директорнинг ҳали айтган “белгиланган тартиби” шу бўлса керак, деб ишга киришдим. Менга қолдирилган китоб Клавихонинг юқорида номи келтирилган асари эди. Секин варақладим. Клавихо деган номни олдин эшитмаганим учун ношир томонидан берилган сўзбошини ўқий бошладим. Демак, Клавихо Испаниянинг Амир Темур ҳузуридаги элчиси, Темур билан кўп учрашган, унинг давлат юритиш ишларини, жангу жадалларини кўрган, кузатган шахс. Бунинг устига европалик, холис инсон. Бинобарин, унинг эсдаликлари энг ишончли бўлиши керак. Шу хаёллар билан китобни синчиклаб ўқий бошладим. Ё, ажабо! Бу ердаги гаплар мен ўйлаганимдан ҳам зиёда. Домланинг бу китобларда Темур бобомиз ҳақида ҳақ гаплар кўп, деган сўзлари қулоғимда баландроқ жаранглайди. Ҳақиқатан, Амир Темурни салбий кўринишда таърифлаган совет мафкурасига қарама-қарши ўлароқ, Соҳибқироннинг олим, шоир, санъаткор, меъмор ва ҳунармандлар билан суҳбатлари, қурилиш соҳасидаги ишлари, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, бошқа шаҳарларда ободончиликка эътибор ва ҳоказолар кўтаринкилик билан баён этилган… Китобдан энг зарур жойларини дафтаримга кўчирдим. Шу зайилда ишлаб, овқатланиш ҳам эсдан чиқиб кетди.. Чамаси, ходиманинг иш соати тугади, шекилли, кечга томон эшик ширқ этиб очилиб, хонага кириб келди- Бугунга етар, эртага бошқа китоб устида ишлайсиз, — деганча қўлимдан Клавихонинг китобини олиб, мен билан хайрлашди. Эртасига Ланглэнинг китоби, кейинги қунлар бошқа китоблар билан танишиб чиқдим. Хуллас, кутубхонанинг менга ажратилган хонасида бир ҳафта ишладим. Кутубхона ходимаси менинг ишимни “белгиланган тартиб” асосида ташкил этди. Навбат ходимага миннатдорлик билдириб, хайрлашишга келганда, Маркснинг Темур ҳақидаги фикри масаласи эсимга тушди.

Карл Маркснинг Амир Темур ҳақида бир баҳоси бор экан, шуни топишга ёрдам беролмайсизми? — сўрадим ундан. Овора бўлманг, умумий каталогдан уни тополмайсиз… Майли, ёрдам берсам, берай, — деди-да, чиқиб кетди. Хиёл ўтмай, қалингина бир китобни қўлимга тутқазиб, “Кўринг-чи, шундан топсангиз керак”, деди. Китоб “К.Маркс. Хронологические вьписки. Архив Маркса и Энгельса.Т.У1” деб номланган. Китобни варақлай бошладим. Маркснинг ҳаётига доир ёзувлар, унинг узуқ-юлуқ сўзлари қалашиб ётибди. Қани энди, булар орасидан керак бўлган сўзлар чиқа қолса… Ниҳоят, топдим! Маркс Амир Темур фаолияти ҳақида гапириб, Темур ўзи тузган янги салтанатда адолатли қонунлар жорий этди, деган экан. Ана шу биргина жумла учун “бечора” бу китоб ҳам махсус фондга тушибди. Кутубхонада тўпланган материалларни тартибга солиб, домлага топширдим. Устоз рисола устида яна икки йил ишлади. Ниҳоят, қўлёзма тайёр бўлди. 1968 йилнинг май ойида Академия Президиумида кенгайтирилган Кенгаш чақирилиб, унда устоз ўзи ёзган рисола ҳақида маъруза қилди. Сўзга чиққан барча олимлар, академиклар, фан докторлари, профессорлар Иброҳим Муминов асарини ёқлаб гапирди, уни ўзбек ва рус тилларида чоп этиш зарурлигини таъкидлади. Ва у ўша 1968 йилда “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” номи билан рус ва (менинг таржимамда) ўзбек тилларида алоҳида-алоҳида китоб бўлиб босмадан чиқди. Республика илмий-маданий жамоатчилиги уни хурсандлик билан кутиб олди…

Ушбу фикрлардан шуни англаш мумкинки Иброҳим Мўминов Сохибқирон ҳақидаги рисоласини тезгина ёзиб, эълон қилишга шошилмаган. Унинг тарихий далиллар асосида пухта ва пишиқ бўлиши учун қанча изланиш, ўқиш, ўрганиш керак бўлса, шунга тайёр бўлган. Акс ҳолда, рисола устида яна икки йил ўтирмаган бўларди. Демак, марказ дагиларнинг тирноқ ичидан кир қидиришга усталигини яхши билган аллома Амир Темур ҳақидаги ҳар бир фикрини, ҳар бир гапини, керак бўлса, ҳар бир сўзини етти ўлчаб, бир кесган. Миллат шаънини юксакларга кўтарган, Темур ҳақидаги ҳақиқатни бутун дунёга ошкор қилган бу буюк жасорат Иброҳим Мўминовнинг нималарга қодирлигини яна бир бор ёрқин намоён этди. Афсуски, кўп ўтмай, олимнинг, шунингдек, Клавихо ва Маркснинг мавжуд тарихий манбаларга асосланиб айтган адолатли фикрлари Московнинг коммунистик тузум ғояларига садоқатли бўлган “билимдон олимлари” ва партия арбоблари томонидан Кремлнинг топшириғи билан “тўп”га тутилди. Баҳона: “И.Мўминов асарида Амир Темур ҳақидаги тарихий ҳақиқат бузиб кўрсатилган, унинг шахсияти идеаллаштирилган”. Ана холос, буюк файласуф ва тарихчи аллома Мўминов бу масалани узоқ йиллар қанчадан-қанча ноёб манбаларни ўрганиб, қиёслаб, таҳлил қилиб, Соҳибқирон ҳақидаги бор ҳақиқатни баралла айтган бир пайтда, “марказ” даҳолари бирласда нимага асосланиб ўзбек олими фикрини пучга чиқармоқчи бўлди? Ҳеч нарсага! Бу ғирт туҳмат эди. Унинг ортида бутунлай бошқа мақсад — зулм ва зўравонлик сиёсатига путур етказмаслик, бунинг учун қандай бўлмасин, ёпиғлик қозонни ёпиқ қолдириш масаласи кўндаланг бўлиб турарди. Шунинг учун бу шармандали ишга Марказий Комитетнинг айрим “даҳолари” раҳбарлик қилиб, газета ва журналларда ўзларининг номдор олимлари номидан Мўминов асарига қарши кетма-кет мақолалар чоп эттирди. Камига ўзбекпарнинг “лаббайчи” ва таъзим, билан “хўп бўла- ди!” дейдиган “фидойи”ларини топиб, Мўминов рисоласига қарши тарғиботни янада кучайтирди. Уларнинг тутуриқсиз, сафсата ва бўҳтондан иборат мақолаларини ўзлари лозим топган нашрларда бостирди.

Аммо қаттиқ назорат ва таъқиб ҳукм сураётган оғир шароитда мустақиллик рамзи ҳисобланган — Амир Темурни “оқлаш” ҳақида ошкора ёзиш ҳазил гап бўлмаган. Бунинг учун ватанпарвар, миллатпарвар ва жасоратли бўлиш зарур эди. И. Мўминов худди шундай олим сифатида ўзини кўрсатди. “Унинг “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” китоби нашр этилганда, ниҳоятда эзилган ва хўрланган ўзбек халқида ғурур ва ифтихор туйғулари уйғониб, елкасига офтоб ва кўкрагига шамол теккандек бўлди”, дея бонг урган эди йирик тарихшунос олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Ҳамид Зиёев. Худди шундай фикрлари ифода этилган мазкур мақола Шароф Рашидов тавсияси билан “История СССР” журналига тақдим этилишига қарамай, муаллиф ойлар ўтиб. журналдан рад жавобини олди. Бу ягона мисол эмас, албатта. Хўш, қизил империя пойтахтининг Амир Темур кимлигини билмаган, балки билиб туриб тан олишни истамаган маддоҳлари ва уларнинг юртимиздаги малайлари қомусий олим, Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Абу Райҳон Беруний номидаги Давлат мукофоти совриндори, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, меҳрибон устоз, миллий қадриятларимизнинг толмас тарғиботчиси Иброҳим Мўминовнинг Соҳибқирон бобомиз ҳақидаги китобига “уруш” эълон қилиб, ўзларининг зулм ва зўравонлик сиёсатига йўғрилган чиркин ва бадбўй тузумларини сақлаб қололдиларми?! Йўқ! У чок-чокидан сўкилиб, титилиб кетди. Гегель ва Бедил фалсафий тафаккурининг шоири Иброҳим Мўминовнинг ҳақиқатлари эса Ўзбекистон мустақиллиги шарофати- билан аҳли олам узра кенг ёйилиб, меҳр-муҳаббат ила ўрганилмоқда ва янги-янги асарларнинг дунёга келишида илҳомбахш қанот бўлмоқда.

Нуриддин ОЧИЛОВ, Ахборот-ресурс маркази масъул ходими. 
Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 6 октябрь сонида эълон қилинган.

2021-2024 yil Axborot-resurs markazi. Vebmaster: J.R. Rabbinov