Shopping Cart

БМТ минбаридан янграган тилим

Ахборот-ресурс маркази масъул ходими Н. Очиловнинг “Ҳуррият” газетасининг 2023 йил 27 сентябрь сонида эълон қилинган мақоласи.

БМТ минбаридан янграган тилим

     2020 йил куз фаслининг илк ойи. Коронавирус деган офат дунёни ваҳимага солган, айниқса, ғарб давлатларида қурбонлар сони соат сайин ортиб бораётган, шу муносабат билан ҳамма жойдагидек бизда ҳам карантин жорий этилган, халқимизни бу ёвуз балодан асраш учун нимаики лозим бўлса, давлатимиз раҳбари бошчилигида тезкор чоралар кўрилаётган кунлар эди. Ана шундай бир пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75 сессияси чақирилди. Вазият дунё миқёсида тобора кескинлашиб бораётганлиги туфайли бу  нуфузли ташкилотнинг халқаро анжумани онлайн тарзда ўтказилиб, унда Президентимиз БМТ тарихида илк маротаба ўзбек тилида нутқ сўзлади. Бу оламшумул воқеа бутун миллатимиз қалбини чексиз қувонч ва фахру-ифтихор туйғуларига лим-лим тўлдириб, ўзгача бир ғурур, ўзгача бир сурур бахш этди. Худди, истиқлолга эришган кунимиздагидек севиндик, ҳатто кўзларимизга беихтиёр ёш келди. Нега келмасин? Ахир, она тилимиз миллатимиз ва давлатимизнинг овози бўлиб оламаро қўнғироқдек янграйдию, дил-дилдан қувонмай бўладими?! Қувонамизда, албатта! Бунинг устига дунёнинг ўзбек тилида гаплашадиган эллик милёнга яқин аҳолиси шоду-хуррамлигимизга шерик бўлиб, муборакбод этиб турганда, бошинг кўкларга етгудек бўлиб, ўзингни бахтли ва бахтиёр ҳис этаркансан киши.

ПРЕЗИДЕНТ ВЫСТУПИЛ НА 75 СЕССИИ ГЕНЕРАЛЬНОЙ АССАМБЛЕИ ООН - Tashkent  University of Information Technologies named after Muhammad al-Khwarizmi

          Кечагидек ёдимда. Давлатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида хизмат сафари билан оврўпо давлатларига борганимизда, “Сизлар Афғонистонданми?”, деб сўрашар, “Биз Ўзбекистонданмиз!”, дея жавоб берсак-да, улар бу номни эшитмагани учунми, “Покистонданми?” деб, яна саволга тутарди. Бундай саволлар Миср, Малайзия, Индонезия, Сингапур сингари бошқа мамлакатларда ҳам такрорланган, бизнинг мамнуният билан Бухоро ва Самарқанд шаҳарларини тилга олиб, Имом Бухорий юртиданмиз  деган жавобимизни эшитган мезбонлар қучоқ очиб кўришганлар. Улар нафақат Имом Бухорий, балки Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Термизий, Ибн Сино, Хоразмий, Беруний каби кўплаб бобокалонларимиз илмидан воқиф эканликларидан бениҳоя хурсанд бўлиб қайтганмиз.
          Агар, шўролар ҳукуматига салкам бир ярим аср қарам бўлмаганимизда, ўзбек деган номимиз қобиқ ичида сақланмаганида оврўполиклардан “Сизлар Афғонистонданми ёки Покистонданми?” деган саволларни эшитмаган, мусулмон дунёси мамлакатларидаги диндошларимиз ҳам Туркистон деган ўлка советлар даврида Ўзбекистон деб номланганидан бехабар қолмас эдилар. Устига устак қадимий, бой ва бетакрор она тилимизнинг ҳали ўнг, ҳали чап юзига тарсаки тортиб, ўз манфаатлари йўлида турли ўзанларга бурмаганларида, равнақига ғов бўлмаганларида, бугун у ҳеч шубҳасизки, дунёдаги машҳур тилларнинг олдинги қаторида турган бўлур эди.
          Буюк Алишер Навоий тили халқимизнинг ўзлигини, тарихини, илм-фани, маънавиятию маданиятини, адабиёт ва санъатини, шунингдек, унинг бу борада кейинги йилларда  амалга оширган улуғвор ишларини аҳли оламга кенг тарғиб қилишда беқиёс аҳамиятга эга эканлигини  юксак қадрлаган Президент Шавкат Мирзиёевнинг орадан уч йил ўтиб, БМТ Бош Ассамблеяси 78 –сессияси минбарида мағрур туриб, ўзбекона ғурур билан иккинчи бор ўзбек тилида нутқ сўзлаши бежиз эмас. Энг аввало, шуни айтиш жоизки, БМТга аъзо давлатлар раҳбарлари ҳузурида Президентимиз ўзбек тили ўзининг пурмаънолиги, жарангдорлигию фусункорлиги, қудратлигию ҳароратлиги, нафис ва нафосатлиги билан халқаро доирадаги машҳур тиллар қаторида туришга муносиблигини яна бир бор ёрқин намоён этди. Иккинчидан, Навоий бобомиз тили тенгсиз қудратга эга эканлигини бутун борлиғи билан жумлаи-жаҳонга достон қилди. Учинчидан,  тилимизнинг қадр-қимматини жаҳон ҳамжамияти олдида баланддан-баланд кўтариб, ўз халқи ва ватанига бўлган беқиёс меҳр-муҳаббатини амалда ёрқин ифода этди. Президентимизнинг нафақат БМТ, балки жаҳон тарихида янги саҳифа очиб, ёрқин из қолдирган бу нутқи Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи тинчлик ва тараққиёт тарафдори эканлигини, бу йўлда ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйиш билан мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини баралла баён этганлиги, шу муносабат билан дунёвий аҳамиятга эга бўлган энг долзарб таклифларни илгари сургани алоҳида эътирофга моликдир. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда Юнеско шафелигида “Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини” ташкил этиш ҳамда буюк алломаларнинг бой меросини чуқур ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини бекамикўст очиб бериш мақсадида 2024 йил  мамлакатимизда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция  ўтказиш ташаббуси олқишланганлигидан бениҳоя қувонмай бўлмайди.
          Динлараро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутадиган бундай хайрли ишларнинг амалга оширилиши тинчлик ва тараққиёт сари ташланган янги бир қутлуғ қадам сифатида аҳли оламни аҳил ва бирдам бўлиб, олийжаноб мақсадларга интилишга, можароларсиз ҳаёт кечиришга даъват этиши билан ҳам ғоятда қимматлидир.
          Президентимизнинг “Диёримиз жаҳон илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган, исломни илм-маърифат ва тинчлик дини сифатида намоён этган Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий каби улуғ аллома ва мутафаккирлар ватани экани билан ҳақли равишда фахрланамиз”, дея бонг ургани эса ўзи илгари сурган таклиф ва ташаббуслар дунёдаги келишмовчиликларни бартараф этишда, давлатлар ва халқлар ўртасида тинчлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашда кенг йўл очиб беришда муҳим ўрин тутади. Буни Афғонистондаги ижтимоий муаммоларни ҳал этиш борасидаги таклифда ҳам очиқ-ойдин кўриш мумкин.
          “Ён қўшни жон қўшни” деганларидек, биз жафокаш афғон халқининг етар-етмаслигига, ўз ёғига ўзи қоврилиб, қийналаётганлигига бефарқ қараб туролмаймиз. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтириб бўлмайди. Энг муҳими, “Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқиш” кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан ҳисобланади. Бу оғриқли масалани ҳал этишда БМТ қатъийлик билан ҳаракат қилса, афғон халқининг кўксига шамол тегиб, қаддини ростлаб олиш имкониятлари пайдо бўлади. Бунинг учун бу нуфузли ташкилотга аъзо давлатлар бир ёқадан бош чиқариб, унга мададкор бўлишларини ўртага ташланган таклифнинг ўзи айтиб турибди.
          Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида қатнашган давлатлар раҳбарларининг эътиборини тортган таклифлардан яна бири Ш.Мирзиёевнинг сайёрамизни келгуси авлодларга қандай ҳолда қолдирамиз деган фикри бўлди.Президентимиз бу катта муаммони қандай ҳал этиш мумкинлиги ҳақида гапириб, сўзининг якунида шундай деди: ”Мустаҳкам тинчлик ва фаровонликка фақат умумий интилишлар ва биргаликдаги ҳаракатлар билан эришиш мумкин. Бизга ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик руҳи ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ зарур.”
          Ҳақ гап. Ўзаро ишонч, бирдамлик ва ҳамкорлик чуқур илдиз отган жойда тинчлик ва тараққиёт бўлади. Одамлар ҳалол меҳнат мевасидан баҳраманд бўлиб, аҳил ва бахтли ҳаёт кечирадилар. Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридан туриб, ўз фикр-мулоҳазаларию таклифларини ўзбек тилида баралла ирод этиши жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш  уйғотибгина қолмай, билдирилган таклиф ва ташаббусларга камарбаста бўлишга илҳомлантириши ҳам шак-шубҳасиздир. Айни пайтда, Президентимизнинг бу нутқи қалбларимизни тоғдек юксалтириш билан бирга барчамизнинг зиммамизга ўзбек тилида тиниқ ва равон сўзлаш ҳамда ёзишдек  шарафли вазифани юклаганлигини ҳам унутмаслигимиз керак! Ҳамиша ва ҳамма жойда ўз она тилимизда равон гапиришни, унинг нималарга қодирлигини намоён этишда Президентимиздан ибрат олиш ҳар биримизнинг бурчимизга айланмоғи лозим.
          Тўғри, ҳар ким ўз тилида ва шевада сўзлашга ҳақли. Бунга қонун монелик қилмайди. Лекин, давлат идораларида ўзбек тилида иш юритиш, яъни гапириш ва ёзиш қонун талаби. Ёдингизда бўлса, давлат ташкилотларида ишлайдиган бошқа миллат вакилларининг ўзбек тилини ўрганишлари учун муддат белгиланган эди. Афсуски, бу муддат аллақачон ўтиб бўлди. Ҳеч ким эътибор бермагани учунми, давлат ташкилотларининг айримларида давлат тили бир четда қолиб, яна аввалгидай билган ўзбек тилида, билмаган рус тилида иш юритмоқда. Ўзи ўзбек бўла туриб, давлат тилида гапиришни, ёзишни, иш юритишни билмайдиган раҳбар ва мутахассисларга яна беш-ўн йил вақт бериш керак, шекилли?! Телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида шевада мулоқот қилиш одатга айланганлигини кечириш мумкинми? Бу касаллик кино ва сериалларга ҳам юққанлиги ачинарли эмасми? Икки ўзбек“юлдуз”санъаткорнинг она тилимиздаги телекўрсатувда русча гапириши ғашингизни келтирмайдими? Интернет сайтларидаги у ёки бу воқеага билдирилган муносабатларни ўқиб, куйишингни ҳам, кулишингни ҳам билмайсан киши. Тўғри ёзилган жумланинг ўзи йўқ. Бунинг устига мантиқсиз. Бу чаласаводликдан дарак бермайдими? Яхшиямки, бу шармандаликни ўзбекдан бошқа ўқимайди. Илоҳим ўқимасин ҳам!
          Бир вақтлар юртимизда фаолият кўрсатган Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Далип Мехтанинг рафиқаси она тилимизга астойдил меҳр қўйиб, уни яхшигина ўрганган, бир қатор ёзувчи, шоир ва журналистлар билан дўст тутиниб, улар билан тез-тез учрашиб, ўқиган китоблари ҳақида мароқли суҳбатлар қурарди. Баъзан тўрт қаторлик аризани эплаб ёза олмаган йигит ёки қизга дуч келганимда ўша ҳинд аёли ёдимга тушиб, саводхон бўлишга интилмаётган айрим ёшларимиздан кўнглим оғримай қолмайди.
          “Давлат тили масаласи миллий ғоямизнинг асосий тамойилларидан бири бўлиши зарур.- дейди давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев.-Ёш авлод қалбига она тилимизни  болаликдан сингдириш мақсадида таълимнинг барча босқичларида ўзбек тилини замонавий ва инновацион технологиялар асосида мукаммал ўрганишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Токи, болаларимиз ўзбек тилида равон ўқийдиган, равон ёзадиган ва теран фикрлайдиган инсонлар бўлиб етишсин.
          ”Президентимизнинг қалбидан қайнаб чиққан бу садо ҳар бир оиланинг, ҳар бир ота-онанинг, ҳар бир таълим муассасасининг доимий диққат –эътиборида бўлиши шартлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.  Афсуски, бу долзарб масалага эртани ўйламасдан юзаки қараётганимиз фарзандларимизнинг ўз фикрини ўзбек тилида равон ифода этолмаслигида ва равон ёзолмаслигида яққол кўринмоқда. Ўз тилини севмаган, унинг қадрини билмаган киши ўзга тилларни сева олмайди ва қадрини ҳам билмайди. Буюк адиб Абдулла Қаҳҳор ўз она тилини севмаганида сўз заргари ва ўзбекнинг Чехови деган номга муносиб кўрилармиди?   Гўзал ва бетакрор ҳикоялар яратиб, жаҳоннинг машҳур ёзувчилари қаторидан ўрин олармиди? Ўз тилини қадрлаб, ўзга тилни қадрламаганида Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, Пушкиннинг “Капитан қизи”, Чеховнинг ҳикояларини юксак маҳорат билан ўзбек тилига таржима қилармиди?!
          “Она тилимни севмасам, сўзларига маҳлиё бўлмасам, ҳайратланмасам, менга шоирлик қайда эди!”, деган севимли шоиримиз Эркин Воҳодов гўзал шеърлар, гўзал ғазаллар битармиди? Рус тилини ўзбек тилидек қадрламаганида Пушкин, Сергей Есенин, Михаил Светлов, Александр Твардовский шеърларини, Гётенинг “Фауст” ини рус тилидан она тилимизга булбулдек сайратармиди?! Абдулла Орипов Дантенинг “Илоҳий комедия” сини ўз она тилида ёзилгандек ўзбекчалаштирармиди?! Бу мисоллар она тилимизнинг нақадар бойлигини, нақадар гўзаллигини, нақадар жозибали ва қудратли эканлигини англатмайдими? Англатади! Англатганда ҳам  буюк Навоий бўлиб англатади!

Нуриддин ОЧИЛОВ, Ахборот-ресурс маркази масъул ходими. 
Мақола “ҲУРРИЯТ” газетасининг 2023 йил 27 сентябрь сонида эълон қилинган.

2021-2024 yil Axborot-resurs markazi. Vebmaster: J.R. Rabbinov